Close X
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТИНИ ТАРТИБГА СОЛИШГА ДОИР ЧОРА-ТАДБИРЛАРНИ ДАВОМ ЭТТИРИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТИНИ ТАРТИБГА СОЛИШГА ДОИР ЧОРА-ТАДБИРЛАРНИ ДАВОМ ЭТТИРИШ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 38-сон, 434-модда)

AnchorAnchorЎзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятининг Товар номенклатурасини жаҳон амалиётида қўлланилаётган Товарларни таърифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизими (2012 йилги версия) билан унификация қилиш мақсадида:

1. Маълумот учун қабул қилинсинки, жаҳон савдосига чиқарилган товарларнинг халқаро классификациясини уйғунлаштириш мақсадида Жаҳон божхона ташкилоти томонидан Товарларни таърифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизимига 2012 йилда кучга кирган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

2. 2012 йилнинг 1 октябридан бошлаб янгиланган таърифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизими негизида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятининг Товар номенклатураси (2012 йилги версия) амалга киритилсин.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда 2012 йилнинг 1 октябригача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятининг Товар номенклатураси (2012 йилги версия) чоп этилиши ҳамда манфаатдор ташкилотларга етказилишини таъминласин.

3. 2012 йилнинг 1 октябридан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага* мувофиқ ўзгартишлар киритилсин.

*Илова рус тилидаги матнда берилган.

4. 2012 йилнинг 1 октябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2008 йил 27 мартдаги ПҚ–823-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

6. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

2012 йил 10 сентябрь,

ПҚ–1816-сон